Франция жанубида А320 самолётининг ҳалокатга учрашига алоқадорликда гумон қилинаётган иккинчи учувчи Андреас Любицнинг Дюссельдорфдаги квартираси тинтув қилинмоқда. Бу ҳақда ТАСС хабар берди.
Аввалроқ Airbus А320 самолёти иккинчи учувчисига нисбатан «қасддан қотиллик қилиш тўғрисидаги» иш қўзғатилди. Марсель прокурори иккинчи учувчи Андреас Любиц онгли равишда баландликни пасайтирганини айтди. «Унинг буни нима сабабдан қилгани ҳозирча бизга маълум эмас, биз шуни биламизки, самолётни у қулатган», — дея таъкидлади Робен.
Аввалроқ Airbus А320 самолётининг иккинчи учувчиси атайлаб ҳаво кемаси командирига кабина эшигини очмагани маълум бўлган эди. «Қора қути»дан олинган ёзувда учувчи қайтадан кабинага кирмоқчи бўлгани, бироқ буни уддалай олмаганини эшитиш мумкин. Учувчи дастлаб эшикни секин тақиллатган, сўнг қаттиқроқ урган, шундан кейин эса эшикни уриб синдирмоқчи бўлган, бироқ уддалай олмаган. Охир-оқибат у кабинага кира олмаган.
Эслатиб ўтамиз, 24 март куни Барселонадан Дюссельдорфга парвоз қилаётган Airbus А320 самолёти Франция жанубида, Альп тоғлари устида ҳалокатга учраши оқибатида лайнер бортида бўлган 150 кишининг барчаси ҳалок бўлган эди.
Изоҳ (0)