Грузиянинг собиқ президенти Михаил Саакашвили Украина фуқаролигини қабул қилишни истамагани учун ушбу мамлакатда таклиф этилган Коррупцияга қарши курашиш миллий бюроси раҳбарлиги лавозимидан воз кечишига тўғри келди, деб хабар бермоқда «Корреспондент.net».
«Бу ерда фуқаролик масаласи бор эди, мен Украинага бутунлай кўчиб келиб, Украина фуқаролигини олиб, Украина давлат бошқаруви аппаратининг бир қисмига айланишим керак эди – бу босқичда бундай қилиш тўғри эмас. Бироқ аксилкоррупция бюросини ташкил қилишда ёрдам беравераман. Жамоам бу борадаги барча қонунларнинг ёзилишида фаол қатнашди, ўзим ҳам хабардор бўлиб турдим», − деди Саакашвили.
Қайд этилишича, аввалроқ Михаил Саакашвили вазият ўзгараётгани туфайли Ватанига қайтиши мумкинлигини маълум қилган.
Изоҳ (0)