Эндиликда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятида ўтказиладиган режали ва режадан ташқари текширишлар тўғрисидаги батафсил маълумотни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг «Soliq.uz» расмий сайтидаги «Текшириш режа-жадвалидан кўчирмалар» интерактив хизматидан олиш мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ахборот хизмати хабар беради.
Ушбу маълумот назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг «Tekshirishlar.uz» расмий сайтида ҳам жойлаштирилган. Мазкур сайтда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширувчи барча назорат қилувчи органлар, текширувчилар рўйхати ва текширишларни тайинлаш тўғрисидаги буйруқлар тўғрисидаги маълумотлар жойлаштирилган.
Мобил воситалар (смартфон ёки планшет) орқали кўрсатиладиган хизматлар самарадорлиги, қулайлиги ва мобиллигини янада ошириш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси томонидан ушбу хизматлар кўрсатишнинг янгича шакли — «Солиқ» мобил иловаси ишлаб чиқилди.
Мазкур иловадаги хизматлар орасида «Текширишлар режа-жадвали»ни ҳам кўриш мумкин. Керакли маълумотга эга бўлиш учун субъектнинг СТИРини киритиш кифоя. Бу амалга оширилганидан сўнг текшириш режалаштирилмаганлиги ёки ушбу субъект танланган йилнинг текширишлар режа-жадвалига киритилган бўлса, назорат қилувчи органларнинг рўйхати ва текшириш муддатлари тўғрисидаги хабарнома қисқа вақт ичида тақдим этилади.
«Солиқ» мобил иловасини ўрнатиш осон. Мазкур илова АппStore ва GoogleПлайъда жойлаштирилган бўлиб, уни юклаб олиш учун Давлат солиқ қўмитасининг «Soliq.uz» расмий сайтидаги ҳаволадан фойдаланиш мумкин. Мобил илова ўзбек ва рус тилларида ишлаб чиқилган.
Изоҳ (0)