26 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 7-Самарқанд округ сайлов комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Самарқанд вилоят матбуот маркази хабар берди.
Комиссия раиси Яхшинор Аллаёров бошқарган мажлисда дастлаб округ ҳудудида сайлов участкаларини тузиш ҳақидаги масала кўриб чиқилди.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ сайлов участкалари туман, шаҳар ҳокимликларининг тақдимномасига биноан ҳарбий қисмларда эса қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан сайловга камида 60 кун қолганида округ сайлов комиссияси томонидан тузилади.
Сайлов участкалари, қоида тариқасида, камида 20 нафар ва кўпи билан 3000 нафар сайловчидан иборат бўлади.
Самарқанд вилояти сайловчилар умумий сони 2 миллион 294 минг 602 кишини ташкил этишини инобатга олиб, округ бўйича 957 та сайлов участкасини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мазкур сайлов участкалари жойлашган манзил, уларнинг маркази ва чегаралари ҳақидаги маълумотлар матбуотда эълон қилинади.
Мажлисда комиссия ваколатига оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Изоҳ (0)