«Навоий йўловчи транс» МЧЖ кредит маблағлари ҳисобига 16 та янги енгил машина харид қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги расмий сайтида хабар берилди.
2014—2015 йилларда Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида ташувчи корхоналарнинг автотранспорт паркини янгилаш чора-тадбирлари ҳам назарда тутилган бўлиб, вилоятда бу борада ишлар режали равишда амалга оширилмоқда.
Жумладан, «Навоий йўловчи транс» МЧЖ «Ипак йўли» банкининг маҳаллий филиалидан олинган кредит маблағларига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 12 та Nexia, 2 та Damas ҳамда биттадан Lacetti ва Cobalt автомашиналарини харид қилди. Янги автомобиллар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги «Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш тўғрисида»ги 139-сонли қарори талаблари асосида жиҳозланиб, такси хизматида қўлланилмоқда.
«Навоий йўловчи транс» МЧЖ енгил автомобилларда шаҳарда ва шаҳар атрофида, шунингдек, автобусларда шаҳар атрофида йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланади. Корхонага янги машиналар келтирилиши муносабати билан 15 киши иш билан таъминланди.
Маълумот учун, бугунги кунда вилоятда йўналишсиз такси хизмати кўрсатувчи 64 та корхона мавжуд. Лицензияланган енгил такси машиналари сони эса 2060 тани ташкил қилади.
Изоҳ (0)