Ўзбекистонда тадбиркорларни рўйхатдан ўтказиш ва рухсатномалар олиш механизмлари «ягона дарча» тамойили асосида янада соддалаштирилади. Бу ҳақда 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурида маълум қилинган. Дастур «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.
Дастурда айтилишича, жорий йил 16 январда ўтказилган 2014 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан 2015 йилда ва кейинги йилларда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг стратегик вазифалари белгилаб берилди.
Республика Ҳукумати иқтисодиётни изчил ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли фаровонлиги ва турмуши сифатини оширишнинг энг муҳим асоси сифатида хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга доир устувор вазифаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратади.
Ана шу мақсадда Хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантиришга доир чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилмоқда.
Дастур қуйидагиларни назарда тутади: бизнес юритиш шарт-шароитларини янада эркинлаштиришни жадаллаштириш; давлат органларининг хусусий бизнесга ноқонуний аралашуви ҳолатларига тўлиқ барҳам бериш; бу йўлдаги барча тўсиқларни ва асоссиз чеклашларни бартараф этиш; очиқ биржа ва ярмарка савдолари орқали кичик бизнеснинг моддий ва хомашё ресурсларидан, кредит ва молиявий механизмлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш.
Давлат бошқаруви ва назорат қилувчи органлар ва уларнинг мансабдор шахсларининг тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашуви ва хусусий тадбиркорлик учун тўсиқлар яратиши, тадбиркорларнинг қонуний ҳуқуқлари ва кафолатлари бузилиши юзасидан уларнинг масъулиятини кучайтириш бўйича қонунчиликни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Тадбиркорлар манфаатини судлар томонидан ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга доир таклифлар тайёрланади.
Рўйхатдан ўтказиш ва рухсатномалар олиш механизмларини «ягона дарча» тамойили асосида янада соддалаштириш масалалари асосий диққат-эътибор марказида бўлади. Бунинг учун ҳар бир туманда Тадбиркорлар учун ягона марказ ташкил этиш таклиф этилмоқда. Унинг асосий вазифаси – мулкка бўлган ҳуқуқларни расмийлаштириш, бизнес субъектларига ер участкалари бериш, қурилиш ва объектларни инфратузилма тармоқларига улаш билан боғлиқ бўлган рухсатномалар ва тартиб-қоидаларни соддалаштириш ва арзонлаштиришдан иборат.
Изоҳ (0)