Ўзбекистонда 2015−2019 йилларда 38 миллард долларлик 870 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурида маълум қилинган. Дастур «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.
Дастурда айтилишича, жорий йил 16 январда ўтказилган 2014 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан 2015 йилда ва кейинги йилларда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг стратегик вазифалари белгилаб берилди.
Биринчи устувор вазифани амалга ошириш учун −иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларни янада кенгайтириш, саноатнинг етакчи тармоқларини модернизация ва фаол диверсификация қилишни амалга ошириш доирасида − саноатни янада ривожлантириш ва унинг рақобатдошлигини оширишни таъминлайдиган дастурлар ишлаб чиқилмоқда.
Хусусан, 2015−2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастурини тайёрлаш доирасида жами қиймати 38 миллиард долларга тенг бўлган 870 та йирик инвестиция лойиҳаси рўйхати шакллантирилди. Ушбу лойиҳаларга биноан 415 та янги корхона барпо этиш ҳамда 455 та ишлаб турган корхонани модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш назарда тутилмоқда.
Изоҳ (0)