2015 йил 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, «Жаҳон» ахборот агентлиги билан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини ёритиш тўғрисида икки томонлама битимлар имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг расмий сайтида хабар берилди.
Сайловларнинг очиқлик, ошкоралик ва транспарентлик каби демократик тамойилларга мувофиқ ўтказилишида оммавий ахборот воситалари муҳим аҳамият касб этади.
«Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги Қонуннинг 5-моддаси ҳамда Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастурига мувофиқ оммавий ахборот воситалари сайлов жараёнини кенг ёритади.
Тадбирда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов таъкидлаганидек, ўтган йиллардаги сайлов кампаниялари, айниқса, 2014 йилги парламент сайлови мобайнида Марказий сайлов комиссияси оммавий ахборот воситалари билан сайлов кампаниясининг барча босқичлари ҳақида жамоатчиликни хабардор қилиш бўйича катта тажриба тўплаган.
Битимлар сайлов тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатлари — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли қоидаларини, «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги ва сайлов жараёнини тартибга соладиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни аҳоли ўртасида тушунтириш бўйича самарали фаолият ташкил этишга қаратилгандир.
Имзоланган битимларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар учун уларнинг сайловолди дастурлари қоидаларини, мамлакат ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий ривожланишининг муҳим масалаларига тааллуқли мустақил нуқтаи назарларини сайловчиларга, жамоатчиликка етказиш учун оммавий ахборот воситаларидан сайловолди ташвиқотини олиб бориш мақсадларида фойдаланишда, шу жумладан, тенг ҳажмда эфир вақти ва нашр майдони ажратиш йўли билан кенг ва тенг имкониятлар яратишга алоҳида эътибор берилади.
Томонлар Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси теле- ва радиоканаллари, Ўзбекистоннинг етакчи ахборот агентликлари ва босма оммавий ахборот воситалари орқали ўз вақтида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни ҳақида ахборот бериш ва тарқатиш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади.
Изоҳ (0)