Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни лэгаллаштиришга қарши курашиш департаменти Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тадбирда бир фуқаро белгиланган тартибда рўйхатдан ўтишдан бўйин товлаб, хуфиёна ишлаб чиқариш билан шуғулланаётгани аниқланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг «Ҳуқуқ» нашри хабар бермоқда.
Мазкур шахс назорат қилинмайдиган фойда олиш мақсадида яширин цех ташкил қилиб, кир ювиш кукунини қўлбола тарзда ишлаб чиқарган ва уни Ўзбекистондаги машҳур Asian Diamond Classik МЧЖнинг «Зелёний чай» савдо белгиси остида савдога чиқарган. Сохта тадбиркорнинг маҳсулоти текширувдан ўтказилганда, у инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги аниқланди.
Шунингдек, бу фуқаронинг Учтепа тумани ҳудудида жойлашган яширин цехидан ҳар бирининг оғирлиги 300 граммдан бўлган 960 дона «Зелёний чай» номли кир ювиш кукунига ўхшаш модда, маҳсулотларни қадоқлаш учун «Зелёний чай» савдо белгили полиэтилен пакетчалар ҳамда бошқа турдаги асбоб-ускуналар ва моддалар ашёвий далил сифатида олинди.
Ўзганинг муаллифлик ҳуқуқини бузиб, ноқонуний бойлик орттиришни мақсад қилган фуқарога жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг ҳукми билан тегишли жазо тайинланди.
Изоҳ (0)