Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров россиялик мухолифатчи, ЮКОС компанияси собиқ раҳбари Михаил Ходорковскийни барча мусулмонларнинг душмани ва ўзининг шахсий душмани деб эълон қилди. Бу ҳақда у Instagram’даги саҳифасида хабар қолдирди, деб маълум қилди «Kun.uz».
«Франция ҳукумати тергов ва кескинликнинг кучайиб кетишига қарши қаратилган чораларни кўриш билан банд бўлган бир вақтда Ходорковский барча журналистлардан Париж нашри тажрибасини такрорлаш ва карикатураларни қайта чоп этишга чақирмоқда», — деди Қодиров.
«[Ходорковскийнинг] бу чақириғи уни ўқиган кўпчилик томонидан салбий кутиб олинди, уни қоралашди. Ўзининг аҳмоқ ҳаракатлари билан Ходорковский ўз-ўзини йўқ қилди», — деди Чеченистон раҳбари.
ТАССнинг иқтибос келтиришича, Ходорковский бу сўзларидан сўнг «ўзини жаҳон мусулмонларининг душмани деб эълон қилган». «Шундай экан, у менинг ҳам душманим. Унинг севимли Швейцариясида бу қочоқ жиноятчини жавоб беришга мажбур қила оладиган минглаб фуқаро топилишига ишонаман. Афтидан, унинг тергови қатъий ва оғриқли бўлади», — дея қўшимча қилди Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, 7 январь, чоршанба куни қуролланган шахслар Париждаги Charlie Hebdo ҳажв журнали таҳририятига бостириб кириб, отишма келтириб чиқарган, натижада 12 киши, жумладан, 8 нафар журналист ҳалок бўлганди. Шундан сўнг россиялик таниқли мухолифатчи Михаил Ходорковсий барча журналистларни ҳамдардлик сифатида Париж журнали карикатураларини босиб чиқаришга чақирганди.
Изоҳ (0)