Ўзбекистондаги фаолиятини якунлаётган АҚШ элчиси Жорж Крол ўзининг сўнгги матбуот анжуманини ўтказди, деб хабар бермоқда «Podrobno.uz». Унинг сўзларига кўра, ўзбекистонликлар ва америкаликлар мазали таом ейишни исташлари борасида бир-бирига ўхшайди.
«Ўзбекистондаги фаолиятим давомида бунгача ҳеч қаерда учратмаган ранг-баранг пазандачиликка гувоҳ бўлдим. Менимча, паловнинг барча турларини − Наманган, Жиззах, Самарқанд, Бухоро ва бошқа паловларни татиб кўрдим», − деди элчи. Жорж Кролнинг сўзларига кўра, у бажонидил пойтахт метросида юрган ҳамда Олой бозоридан мева ва сабзавотларни харид қилиб турган.
Шунингдек, у айнан Ўзбекистонда «Америка» номи юртимизда, Амир Темур даврида пайдо бўлганини ўрганганини ҳазил билан маълум қилган. Тошкентликлар унга қитъани Амир Темур очгани ва ортга қайтаётганда маҳаллий ҳиндуларга бу ерлар «Амир ака»га тегишли эканлигини айтишни топширгани ҳақидаги латифани айтиб берган.
Қайд этилишича, Жорж Крол ўзбек тилини ўрганиб, бемалол гаплаша оладиган кам сонли хорижлик дипломатлардан биридир. У фаолиятини Қозоғистонда давом эттириши маълум қилинган.
Изоҳ (0)