Чемпионлар лигасига ташланган қуръадан кейин «Пахтакор» менежери Самвел Бабаян ўз фикрлари билан ўртоқлашди, деб хабар берилди клубнинг расмий сайтида.
«Чемпионлар лигаси қитъамизда клублар учун энг нуфузли мусобақа ҳисобланади. Унда ўз мамлакатининг энг кучли жамоалари иштирок этади. Шу сабабли унда кучсиз жамоа ва осон ўйин бўлмайди.
Биз 2010 йил ‘Ал Шабаб’ ва ‘Ал Айн’ билан бир гуруҳдан ўрин олгандик. Ўшанда нимчорак финалга йўлланма олганмиз. Охирги рақиб номини эса Эрон, Қатар ва Уммон жамоаларининг саралаш учрашувларидан кейин билиб оламиз. Бу сафар ҳам гуруҳда муваффақиятли иштирок этиб, кейинги босқичга йўлланма олишни истаймиз.
Мавсумга тайёргарлик жараёнини 14 декабрдан бошлаймиз. Албатта, Чемпионлар лигасида юртимиз ва клуб шаънини муносиб ҳимоя қилиш учун тайёргарлик жараёнини шунга яраша олиб борамиз», — деди «Пахтакор» менежери Самвел Бабаян.
Изоҳ (0)