«Биз келажакка ишонамиз» мавзусида ўтказилаётган ёшлар форумининг Андижон вилояти босқичи якунланди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда туман ва шаҳар босқичлари ғолиблари, Андижон шаҳридаги болалар шаҳарчаси тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида Президент раҳнамолигида ёшларнинг иқтидор ва салоҳиятини юзага чиқариш учун кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, уларни Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
«Тадбирда профилактик ҳисобда турувчи ўқувчилар ҳам иштирок этиб, бу уларнинг турли соҳаларда юксак натижаларни қўлга киритаётган тенгдошларига ҳавас қилгани, улардай фаол бўлишга астойдил интилишини билдиради», — деди Республика Маънавият тарғибот марказининг Андижон вилояти бўлими раҳбари Аббосбек Исроилов.
Тадбир доирасида иштирокчилар Андижон шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилди, вилоят ўлкашунослик музейида бўлиб, Ўзбекистон тарихига оид экспонатлар билан танишди.
Изоҳ (0)