Тошкентда Эбола эпидемиясига қарши «вакцина» сотаётган фирибгарлар фаолият кўрсатмоқда. Бу ҳақда Facebook’даги «Potrebitel.uz» гуруҳи аъзолари хабар берди.
Қайд этилишича, фирибгарлар Тошкентдаги кўпқаватли уйларда юриб, қўлларидаги дафтардаги рўйхат асосида ўзлари Эболага қарши «вакцина» деб атаган модда солинган кичик идишларни 10 минг сўмдан пулламоқда. Ундан фойдаланиш бўйича оғзаки кўрсатма бериб, банан ейишдан огоҳ бўлишга чақираётгани айтилган.
Ўзини таништириш ва тегишли гувоҳномани кўрсатиш сўралганда фирибгарлар ҳужжат йўқлигини айтиб, мавжуд бўлмаган рақамга қўнғироқ қилиб билиб олиш мумкинлигини маълум қилган. Хонадон эгаси бу рақамга қўнгироқ қилиб кўрганда, оператор мавжуд бўлмаган рақам терилаётганини айтган. Бунга жавобан фирибгарлар ўз телефонидан шу рақамга қўнғироқ қилиб кўрсатган.
Хонадон соҳибининг айтишича, улардан бирини суратга олганда у гўшакка уни суратга туширишганини айтиб, зинадан пастга қочиб тушган. Фойдаланувчининг сўзларига кўра, улар шу уйнинг пастки қаватларидаги уйлардан пул йиғиб чиқишга ҳам улгурган.
Изоҳ (0)