Қорақалпоғистон Республикасининг Қораўзак туманида замонавий болалар спорти мажмуаси фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ёш авлоднинг спорт билан мунтазам шуғулланиши учун барча қулайликлар яратилган мазкур мажмуада Нукусдаги «Испақ қурилиш» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари 2 миллиард 240 миллион сўмликдан зиёд бунёдкорлик ишларини бажарди.
«Айни пайтда бу ерда болалар спортнинг беш тури билан мунтазам шуғулланиш имконияти мавжуд, — деди спорт мажмуаси раҳбари Мубарек Айтимов. — Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси томонидан замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган мажмуада ‘Умид ниҳоллари’ мусобақасига киритилган барча спорт турлари бўйича машғулотлар олиб борилади».
Туманда 23 спорт зали, 96 спорт майдончаси ёшларнинг жисмонан ва маънан соғлом вояга етиши учун хизмат қилмоқда. Иккита болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида спортнинг 8 тури бўйича ташкил этилган тўгаракларда 1 минг 500 нафарга яқин ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланмоқда.
Изоҳ (0)