Наманган вилояти Норин тумани Катта Ўлмас қишлоғида маданият ва аҳоли дам олиш маркази фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Вилоят ва туман ҳокимликлари вакиллари, кенг жамоатчилик, меҳнат фахрийлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган марказнинг очилишида Президент раҳнамолигида аҳолининг дам олиши ва маданий ҳордиқ чиқариши учун қулай шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
«Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 июндаги ‘2013—2018 йилларда замонавий маданият ва аҳоли дам олиш марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида’ги қарори ижроси доирасида 84 маданият ва аҳоли дам олиш марказини ташкил этиш режалаштирилган, — деди Наманган вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Расулжон Низомбоев. — Ўтган йили Наманган ва Янгиқўрғон туманларида учта шундай марказ фойдаланишга топширилди. Айни пайтда улар аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, маданий ҳордиқ чиқариши, халқ ижодиёти, бадиий ҳаваскорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда».
Туман аҳолисининг ижтимоий-маданий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг мароқли дам олишини ташкил этиш, ёш авлодни миллий ва жаҳон санъатининг нодир намунларидан баҳраманд этишга хизмат қилувчи мазкур марказни барпо этиш учун 362 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. 150 ўринли концерт залига эга марказнинг созандалик ва хонандалик тўгараклари 42 миллион сўмлик жиҳоз ва асбоблар билан таъминланди.
Ёш ижрочилар, таниқли санъаткорлар ва бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг концерт дастури тадбирга янада хуш кайфият бағишлади.
Изоҳ (0)