Президент Ислом Каримов ташаббуси билан Фарғона вилояти марказида бунёд этилган Санъат саройи 6 декабрь куни тантанали равишда очилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Фарғона шаҳрида бунёд этилган Санъат саройи миллий ва замонавий меъморлик анъаналарини ўзида уйғунлаштирган. Эшик ва устунлари шарқона нақшлар билан безатилган. Томошабинлар учун барча зарур шароит ва қулайликлар яратилган. Саҳна атрофига замонавий ёритиш чироқлари ўрнатилган. 40 гектар майдонда барпо этилган сўлим хиёбон, рангли чироқларда жилоланувчи мусиқали фаввора саройга янада чирой бағишлаб турибди.
Ушбу санъат кошонасининг очилиш маросими ҳақиқий байрам тусини олди. Унда турли вазирлик, идоралар ва жамоатчилик вакиллари, санъат ва маданият намояндалари иштирок этди.
Президент Ислом Каримов фармонига мувофиқ Мустақилликнинг 23 йиллик байрами арафасида Ўзбекистоннинг юксак унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланган фуқароларга ушбу мукофотлар топширилди.
Маросимда санъат усталари, ёш ижодкорлар иштирокида концерт намойиш этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икромов сўзга чиқди.
Изоҳ (0)