Тошкент вилоятининг Паркент туманида ўқувчи қизларни алдаб, уларнинг тақинчоқларини олиб кетган чирчиқлик аёл тезкор равишда қўлга олинди, деб хабар бермоқда «На посту» газетаси.
Паркент мактабларидан бирининг икки нафар ўқувчиси дарслардан кейин уйга қайтаётганда уларнинг олдига нотаниш аёл келиб суҳбатга тутади. Қизлар билан яхши муомалада бўлиб, ўқишлари ҳақида сўраган аёл алдов йўли билан уларни тилла зиракларини ечиб, унга беришга мажбур қилади.
Уйга келган қизлар бўлиб ўтган воқеани ота-оналарига сўзлаб берди, улар эса зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилдилар. Тезкор қидирув тадбирлари натижасида жиноятчи қўлга олинди. У Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган ва ҳеч қаерда ишламайдиган аёл бўлиб чиқди. Ушбу ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.
Изоҳ (0)