Microsoft компанияси 2014 йилнинг иккинчи ярмида тақдим этилиши катта қизиқиш билан кутилаётган гаджетлар орасидан ўрин олган McLaren номли смартфонини ишлаб чиқараётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Phonearena.com сайти хабар берди, деб ёзади «Пароль» нашри.
Ушбу смартфон Lumia 1020’нинг давомчиси сифатида қаралаётган эди. Бироқ, июлда Nokia компаниясининг 18 минг нафар ходими ишдан бўшатилганда, McLaren смартфони ишлаб чиқарилмаслиги ҳам хабар қилинган эди.
Ҳозирда эса Хитой аукцион сайтларидан бирида McLaren смартфонининг Nokia RM-1052 номи остидаги нусхаси пайдо бўлди. Шу билан бирга у Microsoft компаниясининг мулки ва сотув учун эмас дейилмоқда.
Смартфоннинг суратларидан унинг камераси худди Lumia 1020 билан бир хил эканлигини, унда тўрт ядроли процессор, 2 Гб тезкор хотира, 1080×1920 пикселли дисплей ўрнатилганини кўриш мумкин. Тахмин қилиш мумкинки, унинг дисплейи 5 дюймли бўлади.
Аввалроқ эса, компания McLaren смартфонида 3D Touch функцияси мавжуд бўлиши ва бунинг натижасида унинг дисплейига қўл теккизмасдан ишлатилиш имконияти борлиги ҳақида хабар берган эди.
Изоҳ (0)