«Ўзбекистон» спорт мажмуасида 25 май куни таэквондо (WTF) бўйича ХХI ва таэквондо «Пумсе» бўйича III Осиё чемпионатлари бошланди. Осиё таэквондо иттифоқи, Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли мусобақаларда қитъамизнинг 30 дан зиёд мамлакатидан 400 нафарга яқин спортчи ғолиблик учун куч синашмоқда, деб хабар берди ЎзА.
Мусобақанинг биринчи кунида таэквондо «Пумсе» бўйича ўтказилаётган баҳсларнинг дастлабки ғолиб ва совриндорлари аниқланди. Мусобақада муносиб иштирок этган тажрибали спортчи Раҳим Ҳожиматов фахрийлар ўртасидаги баҳсда олтин медални қўлга киритди. Ўсмирлар ўртасидаги жуфтлик баҳсида Антон Кан ва Марина Ким Осиё чемпиони бўлди.
Катталар ўртасидаги баҳсда Баҳодир Аловхонов бронза медаль билан тақдирланди. Шунингдек, Мафтуна Толипова ҳамда Зафарбек Сатторов ҳам бронза медалга сазовор бўлди.
– Ўзбекистонда спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган улкан ишлар бугун халқаро миқёсда кенг эътироф этилмоқда, – деди Осиё таэквондо иттифоқи президенти Ли Кю Сок. – Мамлакатингизда ҳар қандай нуфузли тадбирни юксак савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур шарт-шароит яратилган. Бу Президент Ислом Каримов раҳнамолигида спорт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараларидан далолат беради.
Эслатиб ўтамиз, таэквондо (WTF) бўйича ХХI Осиё чемпионатида 12 нафар, таэквондо «Пумсе» бўйича III Осиё чемпионатида эса 16 нафар спортчи Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилмоқда.
Изоҳ (0)