Сербиялик теннисчи Новак Жокович ўз юртидаги йирик сув тошқини натижасида жабрланган ватандошларига 500 минг доллар маблағ тақдим этди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВларга асосланиб, «ИТАР-ТАСС» хабар берди.
Спортчи ушбу маблағни Римдаги мусобақада дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси – испаниялик Рафаэль Надаль устидан ғалаба қозониб қўлга киритди.
Нашрнинг таъкидлашича, сербиялик теннисчи фонди 17–19 май кунлари жабрланганлар учун яна 100 минг доллар йиғишга муваффақ бўлган.
Сув тошқини натижасида Сербияда Фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Жами 25 минг киши эвакуация қилинган.
Аввалроқ Болқондаги энг кучли дея таърифланаётган сув тошқини натижасида камида 44 киши ҳалок бўлгани хабар берилган эди. Минтақада 120 йиллик метеокузатувлар давомида энг кучли деб топилган тошқин сел келиши натижасида содир бўлди. Синоптиклар баҳолашича, уч кун ичида минтақада ёғингарчиликнинг уч ойлик ме’ёри ёғган.
Ёмғир авжи ўтган бўлса-да, тошқин билан боғлиқ вазият ёмонлашиши эҳтимоли бор. Белградда Сава дарёси ўзанидан чиқиб кетиши мумкин. Сув сатҳининг кўтарилиши натижасида Сава қирғоқларидаги йирик электр станцияларига зиён етиши мумкин.
Зарар кўрган ҳудудларда Европа ва Россия қутқарувчилари ишламоқда.
Изоҳ (0)