Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммити йиғилишида иштирок этиш учун Хитой Халқ Республикасига ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎзА махсус мухбири Баҳодир Эргашев хабар қилди.
Давлат раҳбарини Шанхай шаҳрининг «Хунцяо» халқаро аэропортида ХХРнинг расмий шахслари тантанали равишда кутиб олди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва ХХР Раиси Си Цзиньпин бугун, 20 май куни икки томонлама учрашув ўтказади. Суҳбат чоғида икки давлат раҳбарлари стратегик шерикликнинг устувор мақсадли вазифалари ва икки мамлакат ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг истиқболли масалаларини атрофлича муҳокама қилади.
Президент Ислом Каримов 21 май куни Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммити йиғилишида иштирок этади.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш қитъада ҳамкорликни мустаҳкамлаш, тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган халқаро форумдир. Кенгашнинг асосий мақсади кўп томонлама муносабатларни ишлаб чиқиш орқали бу йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат.
Бугунги кунда Кенгашга 24 давлат аъзо. Тўққиз мамлакат ва тўрт халқаро ташкилот унинг кузатувчилари ҳисобланади.
Изоҳ (0)