Андижон шаҳрида Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Унда 200 дан зиёд ишлаб чиқариш корхонаси ўз маҳсулотларини намойиш этди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Саноат ярмаркасида вилоятдаги корхона ва ташкилотлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намойиш этилди. Шунингдек, Наманган, Фарғона, Навоий вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида фаолият олиб бораётган ишлаб чиқариш корхоналари ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.
— Корхонамизда юртимизда ишлаб чиқарилаётган Matiz, Damas, Spark ва бошқа русумдаги автомобиллар учун 41 турдаги бутловчи қисмлар тайёрланмоқда, — дейди Жалақудуқ туманидаги «Топаз» хусусий корхонаси раҳбари Абдували Болтабоев. — 50 га яқин киши меҳнат қилаётган жамоамиз 2014 йилнинг ўтган даврида GM-Uzbekistan қўшма корхонасига 615 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берди.
– Корхонамиз асосан автомобиллар учун ўриндиқлар ишлаб чиқаради, – дейди Ўз Tong Xon Ko Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонаси раҳбари Авазбек Жалилов. – Бундан ташқари, футбол, баскетбол, волейбол ва теннис тўплари, стол тенниси ва бадминтон ракеткалари ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Маҳсулотимизга ички бозорда ҳам, ташқи бозорда ҳам талаб ортиб бормоқда. Айни пайтда 30 фоиздан зиёд маҳсулотлар экспорт қилинмоқда.
Тадбирда «Шарқ юлдузи», «Файз фарм люкс», «Олий хизмат», «Аброр» корхоналарининг бежирим ва ўзига хос дизайнга эга мебел маҳсулотлари ҳам кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.
Саноат ярмаркасида ишлаб чиқарувчилар, чакана ва улгуржа савдо корхоналари вакиллари ўртасида 16 миллиард сўмликдан зиёд ҳамкорлик шартномалари тузилди.
Изоҳ (0)