Тошкентдаги Анҳор канали соҳиллари ва у ерда жойлашган объектларда таъмирлаш ишлари давом этмоқда. «Анҳор» кафесидан то Кичик халқа йўлигача бўлган 2,2 километрлик масофада яшил ҳудуд барпо этилмоқда, деб ёзади Тошкент шаҳар ҳокимияти ахборот хизмати раҳбари Ҳусан Эрматов.
Ҳусан Эрматовнинг хабар беришича, Анҳорнинг сув оқиб ўтувчи қисми бетонлаштирилиб, канал йўли тартибга солинади. Ундан 2,5 метр юқорида 1,2 метрлик темир панжаралар ўрнатилади. Сув йўллари, каналлар ёқалаб етти метр кенгликдаги йўл брусчаткадан бунёд этилади. Каналнинг бетонлаштирилган қисмидан юқорисида ўпирилиши мумкин бўлган ҳудудларни таъмирлаш, қирғоқ бўйлаб жойлашган бино ва иншоотларга хизмат кўрсатиш, йўлакларни ёритиш масалаларида тегишли ишларни амалга оширувчи махсус техникалар ҳам ушбу йўлакдан фойдаланиши кўзда тутилмоқда.
Бундан ташқари, Анҳор ёқалаб Болалар истироҳат боғи ва Аквапарк қурилиши назарда тутилган.
Ҳусан Эрматовнинг таъкидлашича, ҳозиргача канал қирғоғидан жой олган байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорти вакилларининг базаси ҳам ўз ўрнида қолади. Спортчилар бу ерда шуғулланишлари учун қулай шароитлар яратилади.
Лойиҳага асосан, клубнинг бадминтон майдонлари ҳам ўз ўрнида қолади. У ерда замон талабига жавоб бермай қурилиши бошланган ёпиқ майдон эса хавфсизлик нуқтаи назаридан олиб ташланди ва шаҳарсозлик қоидаларига риоя этилган ҳолда лойиҳалаштириш ҳамда қирғоқдан муайян масофага амал қилган ҳолда барпо этиш тавсия этилди.
Изоҳ (0)