«Ўзбекнефтгаз» Миллий холдинг компанияси 2014 йилда Навоий вилоятида «Сангрантау» ёнувчан сланец конини қазишга киришишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар берди.
Завод нархи 1 миллиард долларга баҳоланмоқда, у ички манбалар ва хорижий кредитлар ҳисобидан молиялаштирилади. «ЎзЛИTИнефтгаз» ОАЖ бош директори вазифасини бажарувчи Улуғбек Саидовнинг айтишича, завод қурилиши 2014 йил охирида бошланиши мумкин.
Биринчи босқичда (2014—2015 йиллар) йилига 2 миллион тонна сланецни қайта ишловчи мажмуа қурилади. Кейинчалик (2015—2018 йиллар) завод қувватини йилига 8 миллион тонна сланец рудасигача чиқариш режалаштирилган.
Айни пайтда холдинг сланецни қайта ишлаш технологиялари лицензиарини танлаш бўйича тендер ўтказмоқда, унинг натижалари шу йилнинг биринчи ярмида эълон қилинади.
Ўзбекистондаги ёнувчан сланец захиралари 47 миллиард тонна деб баҳоланмоқда. Асосий сланец конлари Қизилқум чўли ва Бойсун тоғларида жойлашган.
Изоҳ (0)