Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан пойтахтдаги Уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионатида «Касаба уюшмалари – фахрийларга» акцияси доирасида байрам дастури ташкил этилди, деб хабар берди ЎзА.
Тадбир Президент Ислом Каримовнинг 2014 йил 18 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони асосида ўтказилди.
Уруш ва меҳнат фахрийлари республика пансионатида ўтказилган тадбирда нуроний отахон ва онахонлар учун дастурхон ёзилди. Таниқли санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларга байрамона кайфият бағишлади.
«Касаба уюшмалари – фахрийларга» акцияси давомида мамлакатнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига касаба уюшмалари томонидан ёрдам кўрсатилди. Байрам арафасида касаба уюшмалари тизимидаги капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилган санаторийларнинг илк дам олувчилари ҳам уруш ва меҳнат фахрийлари бўлди. Хусусан, 60 нафар уруш қатнашчисига «Оқтош», «Турон», «Чортоқ», «Чинобод», «Ботаника», «Бўстон», «Зомин», «Косонсой» каби санаторийларга бепул йўлланмалар берилди. Ушбу сиҳатгоҳларда фахрийларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариб, саломатлигини мустаҳкамлаши учун барча шарт-шароит яратилган. Янгидан барпо этилган ма’данли сув галереяси, амфитеатр, фитомажмуа, капитал таъмирдан чиқарилган даволаш мажмуи ва физиотерапия бўлимларида малакали шифокорлар отахону онахонларга беминнат хизмат кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, касаба уюшма фаоллари ташкилотчилигида 300 нафарга яқин уруш ва меҳнат фахрийсининг юртимиздаги тарихий шаҳарларга саёҳатлари уюштирилди. Хизмат бурчини ўташ даврида ҳалок бўлган 182 нафар Ватан ҳимоячиси оиласи ҳолидан хабар олиниб, зарур ёрдам кўрсатилди.
Касаба уюшмалари фаоллари фидойи инсонлар хонадонларига ташриф буюриб, совғалар улашмоқда.
Изоҳ (0)