Ислом Каримов Оқсаройда АҚШ Давлат котиби биринчи ўринбосарини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 7 май куни Оқсаройда Америка Қўшма Штатлари Давлат котибининг биринчи ўринбосари Уилям Бёрнсни қабул қилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Учрашувда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда АҚШ компаниялари иштирокида тузилган 190 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 53 таси тўлалигича хориж капитали асосида ташкил этилган. Мамлакатда АҚШдаги 40 етакчи корпорациянинг ваколатхоналари очилган.
Суҳбат давомида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик масалалар муҳокама қилинди. Минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, хусусан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашилди.
Уилям Бёрнс самимий қабул учун давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, АҚШ раҳбарияти бундан буён ҳам Ўзбекистон билан турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.