Тошкентдаги «Ўзэкспомарказ»да Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва истеъмол товарлари масалалари ҳамда Ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркалари бошланди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Тадбирларда «Ўзпахтасаноат» уюшмаси, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси, «Ўзбекенгилсаноат» давлат акциядорлик компанияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, «Ўзагромашсервис» уюшмаси, «Ўздонмаҳсулот» акциядорлик компанияси, Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси таркибига кирадиган 160 корхона иштирок этмоқда.
Тадбир иштирокчиларида Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси корхоналарининг стендлари катта қизиқиш уйғотмоқда. Улар рақамли телевидение тўлқинларини қабул қилиш мосламалари, турли модемлар, IPTV приставка ва мултиплексорлар, стационар ҳамда мобил телефонлар, бошқа юқори технологияли маҳсулотларни намойиш этмоқда. Айниқса, Olive Telecom Ўзбекистон-Ҳиндистон қўшма корхонаси стенди алоҳида ажралиб турибди. Мазкур корхона Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган илк планшетни, янги мобил телефонларнинг тажриба намунаси ва «андроид» смартфонларини тақдим этган.
«Сувмаш» очиқ акциядорлик жамияти, «Бухоро МТЗ» давлат унитар корхонаси, «Биродар» шўба корхонаси, «Ўрама салник» ва «Мегарезинапласт» масъулияти чекланган жамиятлари каби «Сувиншоотмаш» уюшмасига аъзо ўттиздан ортиқ корхона юз турдан зиёд саноат маҳсулотини тақдим этди. Ўтган йили соҳа корхоналари томонидан қиймати 17 миллиард сўмлик шартномалар тузилган эди. Бу йил бу кўрсаткич 42 миллиард сўмга етиши кутилмоқда.
– Корхонамиз Марказий Осиёда насос, электр машиналари, электр насос агрегатлари ва эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарадиган ягона корхонадир, – дейди «Сувмаш» очиқ акциядорлик жамиятининг савдо хизмати директори Камолиддин Бакиров. – Бу маҳсулотлар қишлоқ хўжалиги, сув ва газ таъминоти учун мўлжалланган. 2001 йилда Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхона бугунги кунда 47 турдаги ускуна ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. 2013 йилда тармоқ саноат ярмаркаси доирасида тўққиз миллиард сўмлик шартнома имзоланган эди. Бу корхонага ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва маҳсулотни экспорт қилиш кўламини кенгайтириш имконини берди.
Айниқса, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси стенди кўпчиликнинг эътиборини тортмоқда. Уюшма бугун ёғ-мой, гўшт-сут, консерва маҳсулотлари, спиртли ичимликлар, шакар ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган 180 корхонани ўз таркибида бирлаштирган.
Хусусан, «Маселко» қўшма корхонаси қуюқлаштирилган сут, турли хил сариёғ, «Тошкент сифат сут» масъулияти чекланган жамияти бир неча турдаги пишлоқ, творог маҳсулотлари ва ёгуртни намойиш этмоқда. Жорий йилда соҳа корхоналари қиймати 27 миллиард сўмлик шартнома тузишни режалаштирган.
Шунингдек, «Ўзпахтасаноат» уюшмаси 2014 йилда соҳа корхоналари пахта тозалаш заводларига технологик ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар етказиб бериш учун 22 миллиард сўмлик шартнома тузишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)