Қорақалпоғистон Республикасида «Биз – буюк юрт фарзандларимиз!» шиори остида ёшлар фестивали бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Фестивал доирасида стол тенниси ва теннис, бадиий гимнастика, футбол бўйича «Камолот» кубоги мусобақалари ўтказилди. «Экология ва ёшлар» лойиҳасида иштирок этган ижодкор ёшлар ўртасида ер, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, ерости бойликларидан оқилона фойдаланиш, табиий ресурсларни тежаш тўғрисида иншолар танлови бўлиб ўтди.
Тадбирда умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари томонидан тайёрланган қўл меҳнати буюмлари, расмлар кўргазмаси намойиш этилди.
– Пойтахтдан ташриф буюрган театр ва кино актёрлари, таниқли санъаткорларнинг иштироки фестивалга янада файз бағишлади, – дейди «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши етакчи мутахассиси Клара Худойбергенова. – Айниқса, «Сиз севган қаҳрамонлар» деб номланган санъаткорлар билан учрашув жуда қизиқарли ўтди.
Фестивал Нукус шаҳри марказидаги амфитеатрда санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг концерт дастури билан якунланди.
Изоҳ (0)