Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 5 май куни Оқсаройда Япония Бош вазирининг ўринбосари, молия вазири Таро Асони қабул қилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ислом Каримов Таро Асони ушбу ташриф давомида унга Ўзбекистон Банк-молия академиясининг Фахрий доктори унвони берилгани билан табриклади.
Учрашувда энергетика, кон саноати, нефт-газ, кимё, электротехника, автомобилсозлик ва телекоммуникация соҳаларидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
ЎзА маълумотига кўра, 2013 йилда Ўзбекистоннинг Япония билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 215,2 миллион АҚШ долларидан ошган. Япония томонидан Ўзбекистонга киритилган молия воситаларининг умумий ҳажми 2,32 миллиард долларни ташкил этади.
Япониялик ҳамкорлар «Кўкдумалоқ» конида комpressор станциясини ва Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини қуриш, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини реконструкция қилиш, Самарқанд, Бухоро ва Урганч аэропортларини модернизациялаш каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этди.
Бугунги кунда Қарши—Термиз темир йўл тармоғини электрлаштириш, Навоийдаги иссиқлик электр станциясини кенгайтириш ва Толлимаржон иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Изоҳ (0)