Бухорода бадминтон бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Ўзбекистон чемпионати якунланди, деб хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Бадминтон федерацияси томонидан ташкил этилган мусобақада Андижон, Бухоро, Жиззах, Навоий, Наманган, Сирдарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган 120 нафар йигит-қиз куч синашди.
Умумжамоа ҳисобида бухороликлар биринчи ўринни эгаллади. Андижон вилояти иккинчи, Тошкент шаҳри вакиллари эса учинчи бўлди.
Турли ёш тоифасидаги яккалик баҳсларида бухоролик Миржон Раҳимов, Амрулла Бахшуллаев, Абдурасул Хўжаев, қизлар ўртасида пойтахт вакиласи Виктория Рудакова, Андижон вилояти шарафини ҳимоя қилган Дилрабо Аҳмедова ва Моҳинур Ғофурова ғолибликни қўлга киритди.
Жуфтликлар баҳсида Амрулла Бахшуллаев ва Фаррух Жўраев, қизлар жуфтлигида Валерия Муштакова ва Хурсандой Комилова, аралаш жуфтликларда эса Ҳусниддин Орзубоев ва Фарангиз Султонова олтин медалга сазовор бўлди.
Изоҳ (0)