Малайзия полицияси мамлакатда ҳибсга олинган диний ақидапарастлар Malaysia Airlines’нинг «Боинг»и йўқолишига алоқадор эканлиги ҳақидаги Британия оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларни рад этиб чиқди. Бу ҳақда 4 май, якшанба куни The Star нашри хабар берди.
Нашрнинг бу ҳақдаги саволига жавоб бераркан, қироллик полицияси бош инспектори Холид Абу Бакар бу каби хабарларни сафсата деб атади ва ҳибсга олинган диний ақидапарастларнинг самолётга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини маълум қилди.
Аввалроқ, Британиянинг Daily Mail нашри Малайзияда 11 нафар диний ақидапараст ҳибсга олингани ва улар йўқолган «Боинг» иши бўйича сўроқ қилингани ҳақида хабар берган эди. Қўлга олинганлар, шунингдек, террорчилик фаолияти билан шуғулланганликда ҳам гумон қилинмоқда, деб ёзади «Кун».
Malaysia Airlines’нинг Куала-Лумпурдан Пекинга томон учиб кетаётган Boeing 777-200 самолёти номаълум сабабларга кўра, дастлаб ўз йўналишини ўзгартирган ва шундан сўнг 8 мартга ўтар кечаси радарлардан йўқолган. Лайнер бортида 239 нафар киши, улардан 12 нафари экипаж аъзоси бўлган.
Мутахассисларнинг фикрича, самолёт Ҳинд океанида ҳалокатга учраган. Бироқ, салкам икки ой давом этган қидирув ишлари ҳеч қандай натижа бергани йўқ. 24 март куни Malaysia Airlines компанияси лайнернинг барча йўловчилари ҳалок бўлган деб ҳисобланиши ҳақида расмий баёнот берган эди.
Изоҳ (0)