News cover

Turkish Airlines Фарғона ва 17 та халқаро йўналишга парвозларни тўхтатади

Turkish Airlines 2026 йил ёз мавсумида 18 та халқаро йўналиш бўйича парвозларни тўхтатади. Бу ҳақда Aeroroutes маълум қилди.

Авиакомпания режасига кўра, рейслар май ва июнь ойларидан бошлаб босқичма-босқич бекор қилинади. Ўзгартиришлар айрим йўналишларда 2026 йил 24 октябргача, айримларида эса 2027 йил 27 мартгача амал қилади.

Тўхтатиладиган йўналишлар орасида Ақаба (Иордания), Биллунд (Дания), Бисау (Гвинея Бисау), Фарғона (Ўзбекистон), Фритаун, Гавана, Хургада (Миср), Жуба (Судан), Киншаса (Конго ДР), Киркук (Ироқ), Лейпциг/Галле, Либревилл (Габон), Луанда (Ангола), Лусака (Замбия), Монровия (Либерия), Нажаф (Ироқ), Пуант Нуар (Конго) ва Туркистон (Қозоғистон) бор.

2026 йил 24 октябргача амал қиладиган ўзгаришлар:

  • Истанбул—Аккра—Монровия йўналишида 11 майдан бошлаб Монровия рейслари бекор қилинади, Аккра рейслари сақланади.
  • Истанбул—Ақаба—Уммон йўналишида Ақаба рейслари бекор қилинади, охирги йўналиш парвозлари давом этади.
  • Истанбул—Асмара—Жуба йўналишида Жуба рейслари бекор қилинади, Асмара рейслари тўғридан-тўғри амалга оширилади.
  • Истанбул—Дакар—Бисау йўналишида Бисау рейслари бекор қилинади (2027 йил мартдан қайта амалга ошиши режалаштирилган), Дакар сақланади.
  • Истанбул—Даруссалом—Лусака йўналиши бўйича Лусакага сўнгги рейс 10 майда амалга оширилади. Даруссалом парвозлари давом этади.
  • Истанбул—Гавана йўналиши бўйича 3 июндан қайта тикланиши режалаштирилган парвозлар бекор қилинди ва муддат 24 октябргача узайтирилди.

Истанбул—Хургада йўналиши бўйича сўнгги парвоз 2 июнда амалга оширилади. Шу билан бирга, 2027 йилгача бўлган барча рейслар бекор қилингани таъкидланди. Истанбул—Киншаса—Луанда ва бошқа Африка йўналишларида ҳам май—июнь ойларида охирги рейслар амалга оширилади.

2027 йил 27 мартгача амал қиладиган ўзгаришлар:

  • Истанбул—Биллунд йўналиши бўйича сўнгги парвоз 1 майда амалга оширилди.
  • Истанбул—Фарғона йўналишидаги сўнгги парвоз 2026 йил 2 июнга белгиланган. Бу йўналиш илгари 2026/27 йилги қишки парвозлар мавсумига киритилмаган.
  • Истанбул—Киркук йўналиши бўйича 3 июнда қайта тикланиши режалаштирилган парвозлар бекор қилинди.
  • Истанбул—Лейпциг/Галле йўналиши бўйича сўнгги парвоз 1 майда амалга оширилди. Истанбул—Нажаф йўналиши бўйича 19 июндан 4 октябргача режалаштирилган парвозлар бекор қилинади.
  • Истанбул—Туркистон йўналишида охирги парвоз 30 майда амалга оширилади.

Шунингдек, Эроннинг Исфаҳон, Машҳад, Шираз ва Табриз йўналишларига парвозлар камида 2026 йил 24 октябргача бекор қилинган. Теҳрон йўналиши эса 1 июндан жадвалга киритилган, бироқ бу режа ўзгариши мумкин.

Turkish Airlines нега кўп авиапарвозларни бекор қилмоқда?

Авиакомпания парвозлар жадвалидаги ўзгаришлар юзасидан расмий баёнот бермаган бўлса-да, йўналишларни қисқартириш ҳақидаги қарорни қабул қилишда бир нечта омиллар инобатга олинган бўлиши мумкин. Аввало Эрондаги уруш сабабли Ҳормуз бўғозидан нефть ташиш чекланган, бу эса самолёт ёнилғиси бўйича тақчилликка олиб келиши мумкин. Қўшимчасига рейсларни бекор қилиш нафақат ёнилғи сарфини, балки экипажни ташиш, меҳмонхона харажатлари, қўниш, тўхтаб туриш ва навигация тўловларини ҳам тежаш имконини беради. 

Сўнгги кунларда бир нечта авиарейслар парвозларни бекор қилмоқда. Хусусан, АҚШда нархлар арзонлиги билан танилган Spirit Airlines авиакомпанияси фаолиятини тўхтатди. Компаниянинг ёпилишига Эрон уруши фонида кескин ошиб кетган ёнилғи нархлари ва молиявий босимлар сабаб бўлди.

Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси ёнилғи нархи кескин қимматлашгани сабабли 20 мингта парвозни бекор қилган эди. Осиёнинг Cathay Pacific, Air Asia X ва Air New Zealand каби ташувчилари ҳам қатновлар сонини чекламоқда. Аксарият авиакомпаниялар ёнилғи учун махсус устамалар жорий этди. Маълумот учун, апрель ойи бошида авиация ёнилғисининг бир тоннаси 1 800 доллардан ошган, бу инқироздан олдинги кўрсаткичга нисбатан 120 фоизга кўпдир.

Бугун, 15:10

Видеолар

News cover

Уч болали аёлга «Президент совғаси» сифатида берилган уй тортиб олиняпти

News cover

«Тож Маҳал бўп кетибди» — Имом Бухорий мажмуасидан репортаж

News cover

У Биринчи жаҳон урушида театр қўйган. Ҳамза уй-музейидан репортаж

News cover

Эрон Трампнинг хатосига айланадими?

News cover

Эрондан кейинги нишон қолган мусулмон давлатлар бўлади — элчи

Теглар

Ижтимоий тармоқлар: