Урганч шаҳрида «‘Камолот’ шахмат тахтаси» ВIIанъанавий республика турнирининг финал босқичи бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
– «‘Камолот’ шахмат тахтаси» анъанавий турнири 5 ёш тоифасидаги ўғил ва қизлар ўртасида ўтказиб келинмоқда, – дейди «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши раиси ўринбосари Сарвар Ашуров. – 2013 йилда турнирнинг ҳудудий босқичларида 245 минг нафар ёш қатнашган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 450 минг нафардан ошди. Саралаш босқичларида муваффақиятли иштирок этган 1900 нафардан зиёд ҳаваскор шахматчининг 140 нафари турнирнинг финал босқичида беллашди.
Мусобақанинг ўғил болалар ўртасидаги баҳсларида Тошкент вилоятидан Олмос Раҳматуллаев, фарғоналик Жасур Ҳакимов ва Асилбек Собиров, навоийлик Алишер Эшпўлатов ва қорақалпоғистонлик Зайниддин Каримбоев ўз ёш тоифасида ғолибликни қўлга киритди.
Қизлар ўртасида хоразмлик Соҳиба Бахтиёрова, Тошкент шаҳридан Сарвиноз Қиличева, қашқадарёлик Холида Номозова, навоийлик Маржона Ўктамова, жиззахлик Ирода Жафарова ўз ёш тоифаларига кўра биринчи ўринни эгаллади.
– Икки йилдан буён шахмат билан мунтазам шуғулланаман, – дейди Холида Номозова. – Мусобақадан олган таассуротларим бир олам. Бу каби турнирлар келажакда янада юқори натижаларни қўлга киритишимизда муҳим аҳамият касб этади.
Мусобақа ғолиблари ва фаол иштирокчилари ташкилотчиларнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Изоҳ (0)