Ўзбекистон Миллий матбуот марказида BePro дастурчилар маркази ва Microsoft компанияси ҳамкорлигида ўтказилаётган технологиялар бўйича Imagine Cup халқаро танловининг миллий босқичи якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ёшларнинг дастур тузиш борасидаги имкониятларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2003 йилдан буён Microsoft компанияси томонидан замонавий технологиялар бўйича Imagine Cup халқаро танлови ўтказиб келинмоқда. Унда дунёнинг турли минтақаларидан 16 ёшдан юқори бўлган талабалар ва тадқиқотчилар якка ёки жамоа тарзида иштирок этиши мумкин. Танлов уч йўналишда ташкил этилиб, унда ёш дастурчилар ижтимоий лойиҳалар, инновацион ғоялар ҳамда компьютер ўйинлари борасидаги янги ишланмалари билан беллашади.
2014 йилдан эътиборан мазкур танловда Ўзбекистоннинг ёш дастурчилари ҳам иштирок эта бошлади. 24 апрель куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мазкур танловнинг миллий босқичи бўлиб ўтди.
– Танловда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, олий ўқув юртлари талабаларидан иборат 10 жамоа иштирок этди ва саралаш босқичида тўрт жамоа танлаб олинди, – дейди BePro дастурчилар маркази директори Абдувоҳиджон Ғафуров.
Imagine Cup танловининг шу йил май ойида АҚШнинг Редмонд шаҳрида бўладиган финал босқичига йўлланма Тошкент ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежининг BePro Juniors жамоасига насиб этди. Улар ишлаб чиққан Эасй Висион номли кўзи ожизларга мўлжалланган мобил дастури муҳим ижтимоий аҳамиятга эга.
– Техник ва технологик тараққиёт инсон ҳаётини енгиллаштиришга хизмат қилиши лозим, – дейди BePro жуниорс жамоаси аъзоси Баҳром Набиев. – Эасй Висион дастури ёрдамида кўзи ожиз инсонлар ўзларини қизиқтирган нарсаларнинг ранги ҳақида ахборот олиши мумкин. Шу билан бирга, дастур ҳайдовчилар, кўз, қулоқ, бурунни даволовчи шифокорлар ҳамда ранглар муҳим аҳамият касб этувчи соҳа вакилларига тавсия этилади.
Изоҳ (0)