Бугун 150 нафар америкалик ҳарбийлар Таллиндаги Эмари авиабазасига ташриф буюради, бундан мақсад «Баҳор бўрони» анъанавий ўқув машғулотларида иштирок этишдир. Машғулотлар ҳар йили 5 майда Болтиқ мамлакатлари ва Польшада бошланади. Бу ҳақда Эстония Мудофаа кучлари Бош штаби маълумотига асосланиб, «РИА Новости» хабар берди.
Ушбу мамлакатлар аввалроқ АҚШ ҳарбийлари ҳудудда доимий асосда жойлаштирилиши таклифини киритган эди. АҚШ бунга жавобан Болтиқ мамлакатлари билан бундай машқларни тез-тез ўтказиб туришини, бироқ ҳудудга доимий контингент киритмаслигини билдирди.
АҚШ ҳарбий хизматчилари Палдиски шаҳридаги Тинчликпарвар операциялар марказига жойлашади. Улар Эстонияда йил охиригача қолиши тахмин қилинмоқда. Америкалик ҳарбийлар Польша, Латвия ва Литвага аллақачон етиб келишган.
АҚШлик иттифоқдошларни кутиб олиш маросимида Эстония президенти Тоомас Хендрик Ильвес, АҚШнинг Таллиндаги элчиси Жеффри Левин ва Мудофаа кучлари Бош штаби бошлиғи Игорь Шведе иштирок этади.
Аввалроқ НАТО бош котиби Андерс Фог Расмуссен Шарқий Европада ҳарбий шайликни кучайтириш ва ўқув машғулотлари ўтказиш учун қўшимча ҳарбий кадрлар жалб этиш ҳамда Украинадаги воқеалар туфайли мудофаа режаларини қайтадан кўриб чиқиш ниятларини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)