Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича ўтказилаётган Осиё чемпионатида яна бир ўзбекистонлик эркин курашчи Ихтиёр Наврўзов (-70 кг) ҳам бронза медали совриндори бўлди, деб маълум қилди Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Учинчи ўрин учун кечган беллашувда ўзбек полвони хитойлик Хайвей Лингни енгишга муваффақ бўлди.
Шу тариқа мазкур қитъа чемпионатида эркин курашчиларимиз жами учта бронза медалига сазовор бўлди. Ихтиёрга қадар Фурқат Фармонов (-65 кг) ва Рашид Қурбонов (-86 кг) ҳам бронза медални қўлга киритган эди.
Бугун, 25 апрель куни ўзбекистонлик юнон-рум курашчилари баҳсларга киришади. Мазкур мусобақада Ўзбекистон шарафини Элмурат Тасмурадов (-59 кг), Бобирбек Зайлобиддинов (-66 кг), Дилшод Турдиев (-71 кг), Бесики Солдадзе (-75 кг), Жаҳонгир Мўминов (-80 кг), Рустам Ассакалов (-85 кг), Жаҳонгир Турдиев (-98 кг) ва Аброр Мамасолиев (-130 кг) ҳимоя қилади.
Изоҳ (0)