Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгунинг баёнотига асосланган ҳолда «Интерфакс»нинг маълумот беришича, Россия армияси Украинанинг жануби-шарқидаги вазиятга жавобан ҳарбий машғулотлар ўтказишни бошлади. Бундан ташқари, Украина давлат чегараси яқинида ҳарбий авиация ҳам ўз машғулотларини ўтказади.
Мудофаа вазирининг айтишича, Украинанинг жануби-шарқидаги тинч аҳолига қарши қаратилган қуролли операцияларда 11 000 кишидан зиёд Украина ҳарбийлари, 160 га яқин танк, 230 дан зиёд ҳарбий машина, 150 дан зиёд жанговар қурилма ва миномётлар, катта миқдордаги авиация иштирок этмоқда.
«Кучлар асло тенг эмас. Ўз мамлакатининг тинч аҳолисига қарши қурол ишлатиш учун аллақачон буйруқ берилган. Агар ушбу ҳарбий машина бугун тўхтатилмаса, кўплаб одамлар ҳалок бўлиши ва жароҳатланиши мумкин. НАТОнинг Польша ва Болтиқбўйи мамлакатлари ҳудудларида ўтказаётган ҳарбий машғулотлари ҳам Украинада барқарорликка эришишга имкон бермаяпти. Биз воқеаларнинг шу тарзда ривожланишига муносиб жавоб қайтаришга мажбурмиз», — деди Шойгу.
Эслатиб ўтамиз, 24 апрель куни эрталаб Славянскдаги вазият кескин тус олган. Украина ИИВ ва армияси йўқ қилинган 3 та блокпост ва Славянск халқ мудофааси вакилларидан ҳалок бўлган 5 киши ҳақида маълумот берган.
Изоҳ (0)