АҚШ президенти Барак Обама Россияни Украинадаги таназзул масаласида Женева шартномасига риоя қилмаганликда айблаб, янги санкциялар қўлланиши ҳақида огоҳлантирди. Бу ҳақда хабар берган Лос Ангелес Тимес газетасида ёзилишича, Оқ уй раҳбари Москвани 24 апрель куни Токиода Япония бош вазири Синдзо Абе билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида шундай огоҳлантирган.
АҚШ президентининг фикрига кўра, Россия ҳукумати қўллаётган сиёсат «Женевада қабул қилинган шартнома мажбуриятларига мутлақо зид». Мазкур битимга Россия айнан қайси масалаларда амал қилмаётганлиги мавзусига Обама ҳеч қандай изоҳ бермаган. Унинг таъкидлашича, Россия ўз таъсирини ўтказса, Украина шарқидаги қуролланган айирмачиларни Украина ҳукуматига таслим бўлишларига осонлик билан эришиш мумкин.
Шунингдек, Обама Россия Украина муаммоси бўйича ўз позициясини ўзгартирмаган тақдирда АҚШ томонидан «навбатдаги санкциялар қўлланиши»ни таъкидлади. Унинг айтишича, Америка Украинадаги беқарор вазиятни дипломатик йўл билан ҳал қилишга эришиш йўлида курашишни давом эттиради.
Матбуот анжуманида Япония Бош вазирининг таъкидлашича, Токио ва Вашингтоннинг хулосасига кўра «Украинада қурол ишлатилишига йўл қўйиб бўлмайди». Бундан ташқари, президентлар ўз нутқларида Украинага ёрдам кўрсатишнинг муҳим аҳамиятига тўхталдилар.
Эслатиб ўтамиз, яқинда АҚШ давлат котиби Жон Керри Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан телефон орқали уюштирилган суҳбат давомида Женева шартномаси талабларидан келиб чиқиб, Украинадаги федерализация тарафдорларидан бўлган фаолларни қуролларни топширишга кўндириш лозимлиги ҳақидаги фикрларини баён қилган эди.
Изоҳ (0)