Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан ташкил этилган «Касаба-тур» веломарафонининг Хоразм вилояти босқичида 35—45 ёшли аёллар ўртасида Салима Шомуродова биринчи ўринга сазовор бўлди.
ЎзАнинг маълум қилишича, Хоразм вилояти Янгибозор туманида истиқомат қилувчи Шомуродовани қўл ва оёқ мушаклари ҳамда бел оғриғи тез-тез безовта қилгани учун шифокорлар унга велосипед ҳайдашни тавсия қилган. – Ушбу мусобақаларда бир неча йилдан буён мунтазам қатнашиб келаман, – дейди С. Шомуродова. – Велоспорт билан шуғулланаётганимдан бери оғриқлар кетиб, соғлиғим яхшиланди. Шунингдек, мусобақада урганчлик Нигора Худойберганова 25—35 ёшли хотин-қизлар орасида маррага биринчи келди. 230 нафардан зиёд ҳаваскор велоспортчи иштирок этган мусобақанинг эркаклар ўртасида кечган беллашувларида хивалик Муҳаммад Иброҳимов, гурланлик Маҳмуд Қўшжонов ўз ёш тоифаси бўйича ғолибликни қўлга киритди. «Энг маҳоратли пойгачи», «Энг кекса иштирокчи», «Энг ёш қатнашчи», «Ғалабага бўлган интилиши учун» каби номинациялар бўйича ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.
Изоҳ (0)