АҚШнинг маълум қилишича, Шимолий Корея янги ядровий синовларга тайёргарлик кўраётган бўлиши мумкин. Шу муносабат билан Вашингтон Пхенянни минтақадаги тинчликка таҳдид соладиган қадамларни қўймасликка чақирди, дея хабар бермоқда Reuters агентлиги маълумотига таяниб «Кун».
Жанубий Кореядаги манбаларга кўра, КХДРнинг Пунгеридаги ерости ядровий полигонида сўнгги олти ҳафта давомида – март бошидан 19 апрелгача «юқори даражадаги фаоллик» кузатилган бўлиб, бу ядровий портловчи қурилма синовига тайёргарликка ишора бўлиши мумкин.
«Корея яриморолидаги вазиятни диққат билан кузатиб боряпмиз», – деди АҚШ давлат департаменти расмий вакили Жен Псаки мунтазам брифинг вақтида. «Биз ҳали ҳам Шимолий Кореяни минтақадаги тинчлик ва хавфсизликка таҳдид соладиган қадамларни қўймасликка, халқаро мажбуриятларини бажаришга чақирамиз», – дея қўшимча қилди Псаки.
Шимолий Корея март ойида, БМТ Хафсизлик кенгаши Пхенянни денгизга баллистик ракеталарни учиргани учун қоралаб чиққанидан сўнг «янги кўринишдаги» ядровий синовларни ўтказиш эҳтимолини рад этмаслигини маълум қилган эди. Пхенян айнан нимани назарда тутаётгани ҳақидаги саволга Шимолий Корея вакили жаҳон буни «кутиши ва томоша қилиши» кераклигини айтган.
Март ойи ўрталаридан бошлаб КХДР қисқа ва ўрта масофаларга мўлжалланган ракеталар синовларини ўтказди. Пхеняннинг бундай синовларни ўтказиши БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси билан тақиқланган; ташкилот КХДР раҳбариятига март ойидаги ракета парвозларини тушунтириб бериш бўйича сўров жўнатган, бироқ Шимолий Корея раҳбарлари ҳозирча бу борада изоҳ беришни истамади.
Шимолий Корея 2005 йили ўзини ядровий қуролга эга давлат деб эълон қилган. Мамлакатда 2006, 2009 ва 2013 йилларда ядровий қурол синовлари ўтказилган.
Изоҳ (0)