Болгария пойтахти София шаҳрида давом этаётган бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида бугун, 21 апрель куни чорак финал жанглари ўтказилади ва камида бронза медаль соҳиблари аниқланади. Бу босқичга 10 нафар ўзбек чарм қўлқоп усталарининг тенг ярми етиб келди. Бу ҳақда «Оламспорт» сайти хабар берди.
75 кг вазн тоифасидаги Козимбек Мардонов бугун ярим финал йўлида финляндиялик Калле Каллиоиненга қарши рингга кўтарилади. Кеча Козимбек тожикистонлик Меҳрубон Сангиновни 3:0 ҳисобида мағлуб этди.
49 кг вазнда ўз имкониятини синовдан ўтказаётган Сулаймон Латипов чорак финалда туркиялик Мерт Караклик билан баҳслашади. Латипов кеча македониялик Лулиан Ивановни 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратган эди.
69 кг вазн тоифасидаги Бектемир Мелиқўзиев чорак финалда украиналик Олекси Токарчук билан беллашади. Таъкидлаш жоиз, Бектемир нимчорак финал жангида грузиялик Гиорги Харабадзени яққол устунлик (3:0) билан енгган эди.
81 кг вазндаги Обиджон Тоҳировнинг чорак финалдаги рақиби эса ринг эгаси Благой Найденов бўлади. Тоҳиров кеча македониялик Дмитри Бринзадан 3:0 ҳисобида устун келди.
Ниҳоят, сўнгги Ўзбекистон терма жамоаси вакили – 60 килограммдаги Иқболжон Холдоров бугун чорак финалда мексикалик Виллям Сигурага қарши рингга кўтарилади. Кеча у арманистонлик Жора Хамазарянни 3:0 ҳисобида доғда қолдирган эди.
Изоҳ (0)