News cover

“Ҳизбуллоҳ” Ливандаги АҚШ элчисини ҳайдаб юборишни талаб қилди

“Ҳизбуллоҳ” гуруҳи 4 май куни Ливандаги АҚШ элчиси Мишел Иссани persona non grata (номақбул шахс) деб эълон қилишга ва мамлакатдан ҳайдашга чақирди. Бунга дипломатнинг христиан диний етакчисини ҳақорат қилганлар мамлакатни тарк этиши керак деган чақириғи сабаб бўлди. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Можаро 2 май куни LBCI телеканалида эфирга узатилган видео ортидан бошланди. Видеода “Ҳизбуллоҳ” раҳбарлари ва жангчилари Angry Birds (Жаҳлдор қушлар) мобил ўйини қаҳрамонлари кўринишида тасвирланган. Бу эса диний ва сиёсий баҳсларни келтириб чиқарди.
Гуруҳ тарафдорлари ушбу видеони ва ўз етакчилари, шиа уламоси Наим Қосимнинг масхара қилинишини кескин қоралади. Бунга жавобан айримлар маронит черкови патриархи Бешара Раийга нисбатан ҳақоратли суратларни тарқатди. Бу кампания Ливан христианлари етакчисининг қўллаб-қувватланишига ва кенг миқёсли норозиликларга сабаб бўлди.
АҚШ элчиси баёноти ва “Ҳизбуллоҳ” муносабати
АҚШ элчиси Мишел Исса 4 май куни патриарх Раий билан учрашди. Учрашувдан сўнг элчи дам олиш кунлари юз берган воқеаларни маъқулламаслигини айтди.
“Бу Ливан каби ҳамжиҳатликни тарғиб қилувчи мамлакат учун номуносибдир. Ўйлайманки, Ливанда бундай ишни қилиш нотўғри. Уларга яшаш учун бошқа мамлакат қидиришни маслаҳат бераман”, деди элчи.

Бунга жавобан “Ҳизбуллоҳ” депутати Али Аммар элчининг Ливан ички ишларига аралашаётганини қоралади. У элчининг ливанликларни ўз юртидан ҳайдаш ҳақидаги чақириғини кескин танқид қилди.
“Амалга оширилиши мумкин бўлган энг оддий чора уни persona non grata деб эълон қилишдир”, дея қўшимча қилди Аммар.

Расмийлар муносабати
Можародан сўнг Ливан президенти Жозеф Аун ва парламент спикери (гуруҳ иттифоқчиси) Наби Берри диний етакчиларга қилинаётган ҳужумларни қоралади. LBCI телеканали судга чақирилгач, юқоридаги видео ўчириб ташланди.
Ливанда сўз эркинлиги бошқа араб давлатларига қараганда юқори бўлса-да, сиёсий ёки диний шахсларни танқид қилган санъаткорлар ва ОАВ босимларга учраб келади.
Уруш ва ички бўлиниш
Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги сўнгги тўқнашувлар Ливандаги бўлинишни янада чуқурлаштирди. Уруш оқибатида қарийб 2 700 киши ҳалок бўлди, 1 миллиондан ортиқ одам ўз уйини тарк этди.
Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳ 2 март куни Исроилга ракета учириб, мамлакатни урушга тортганликда айбланмоқда. Бу ҳужум АҚШ ва Исроил томонидан Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг ўлдирилишига қасос сифатида амалга оширилганди.

Бугун, 08:10

Лайфстайл ва Маданият

Видеолар

News cover

Уч болали аёлга «Президент совғаси» сифатида берилган уй тортиб олиняпти

News cover

«Тож Маҳал бўп кетибди» — Имом Бухорий мажмуасидан репортаж

News cover

У Биринчи жаҳон урушида театр қўйган. Ҳамза уй-музейидан репортаж

News cover

Эрон Трампнинг хатосига айланадими?

News cover

Эрондан кейинги нишон қолган мусулмон давлатлар бўлади — элчи

Теглар

Ижтимоий тармоқлар: