Нукусда анъанавий «Касаба – тур» веломарафонининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
«Соғлом бола йили» Давлат дастури доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан ташкил этилган мусобақада 375 нафар ҳаваскор велоспортчи иштирок этди.
– Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу мусобақаларда иштирокчилар сони йилдан йилга ортиб бораётгани, улар орасида ҳатто 70 ёшдан ошганлар ҳам кўплиги кишини қувонтиради, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси ўринбосари Ҳасен Ермағанбетов.
Мусобақа шартига кўра, 20–35 ёшдаги велоспортчилар ўн километр, 35 ёш ва ундан катталар эса беш километр масофада ўзаро куч синашди.
20–35 ёшдаги иштирокчилар орасида Пана Давлетбоев ва Қирмизи Бегжанова, 35 ёшдан катталар ўртасида Қувонч Қудайбергенов ва Сарвиноз Ўтембетова биринчи ўринни қўлга киритиб, мусобақанинг мамлакат босқичига йўлланма олди.
– Кўпдан бери велосипед ҳайдашга қизиқаман, – дейди Сарвиноз Ўтембетова. – Бу саломатликка фойда бўлиши билан бирга вақтингизни ҳам тежайди.
«Энг моҳир пойгачи», «Ғалабага бўлган ишончи учун» каби ўнга яқин номинация бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, муносиб тақдирланди.
Изоҳ (0)