2014 йил 16 апрель куни Тошкент шаҳридаги «Халқаро савдо маркази» (ИТC) анжуманлар залида Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси «Аёллар қаноти»нинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Соғлом бола йилида мазкур тузилма томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар муҳокама этилди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар берди.
Партиянинг «Аёллар қаноти» томонидан амалга оширилаётган «Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага» лойиҳаси доирасида 2013 йили 180 нафар хотин-қизга 3 миллиард 888 миллион сўмликдан ортиқ кредит ажратилди ва натижада 650 та янги иш ўрни яратилди. Лойиҳада республика миқёсида 11 400 нафардан ортиқ хотин-қиз иштирок этган.
Шунингдек, «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари» лойиҳаси хотин-қизларнинг ҳуқуқий, иқтисодий билимларини оширишга хизмат қилган бўлса, «Соғлом оила – мустаҳкам оила» лойиҳаси доирасида салкам 1000 нафарга яқин аёл бепул тиббий кўрикдан ўтказилди.
Жойларда қизларни эрта турмушга узатиш, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари, аёллар саломатлиги, оилалар мустаҳкамлиги мавзуларида давра суҳбатлари, семинарлар ташкил этилмоқда.
Йиғилишда «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижросини таъминлашда партиянинг ўрни, тижорат банклари томонидан аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизлар қўмиталари ва партия «Аёллар қаноти»нинг ҳамкорлиги, фермерлик ҳаракатининг қишлоқ жойлардаги аҳамияти каби мавзулар бўйича фикр алмашилди.
Изоҳ (0)