15 апрель куни Болгариянинг София шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида икки нафар ўзбек спортчиси дастлабки жангларни ўз фойдаларига ҳал этди.
Sports.uz’нинг хабар беришича, 60 килограмм вазн тоифасида терма жамоа шарафини ҳимоя қилаётган Иқболжон Холдоров мисрлик Муҳаммад Сайидаллоҳга қарши рингга кўтарилиб, иккинчи раунднинг учинчи дақиқасида техник нокаут билан муваффақият қозонди.
Иқболжон келаси жангида 19 апрель куни австралиялик Уилсон Лиам билан нимчорак финал йўлланмаси учун беллашади.
Шунингдек, 56 килограмм вазн тоифасида баҳсларга киришган Шукуржон Раҳимов грузиялик Масурадзе Уча билан куч синашди ва ғалабага эришди, деб ёзади Sports.uz.
Раҳимовнинг навбатдаги рақиби германиялик Йилдирим Мурат бўлиб, улар 18 апрель куни баҳслашади.
Изоҳ (0)