АҚШнинг собиқ давлат котиби Хиллари Клинтон Невада штатининг Лас-Вегас шаҳридаги Mandalay Bay меҳмонхонасида маъруза ўқиётган пайти маҳаллий аҳоли вакили бўлмиш аёл унга ботинка ирғитди. Бу ҳақда KTLA телеканали маълумотига асосланиб «ИТАР-ТАСС» хабар қилмоқда.
Клинтон хонимга бирон зиён етмади, ўзи ҳам буни ҳазил билан қабул қилди, дейилади хабарда. Воқеа жойига полиция етиб келиб, ботинка отган аёлни залдан олиб чиқиб кетган. Ҳозирда у ҳибсда сақланмоқда, дея хабар қилган телеканал.
2012 йилнинг июль ойида, Хиллари Клинтон АҚШ давлат котиби лавозимида ишлаётган пайти Мисрга сафар қилган. Ўшанда ҳам унга помидор, ботинка ва сувли идишлар отишган. Унда ҳам сиёсатчи жабрланмаган.
Америкаликлар Хиллари Клинтонни 2013 йилнинг энг ҳурматга сазовор аёли деб топганлар. Бу рейтингда у кетма-кет 12-марта етакчилик қилиб келмоқда; умумий ҳисобда хоним 18 марта шу эътирофга лойиқ кўрилган. Бу эса АҚШда 1948 йилдан буён ўтказилиб келаётган ижтимоий сўровлар тарихида бошқа ҳеч кимга насиб этмаган кўрсаткичдир.
Жорий йилнинг 8 апрелида Хиллари Клинтон 2016 йилги президент сайловига ўз номзодини қўйиши мумкинлигини маълум қилган. У ва АҚШ вице-президенти Жозеф Байден президентликка Демократлар партиясидан энг муносиб номзодлар сифатида кўрилмоқда, аммо иккалови ҳам бу борадаги режаларини расман маълум қилишмаган.
Изоҳ (0)