Норвегиянинг митти шаҳарларидан бири саналган Эрйеда ўзига хос пиёдалар йўлакчаси пайдо бўлди. Унинг ўзига хослиги шундаки, йўлакчадан ўтаётганда пиёдалар аҳмоқона қилиқлар қилиши лозим. Бу ҳақда Британиянинг Mail Online нашри хабар берди.
Ушбу йўлакча Британиянинг машҳур «Монти Пайтон» деб номланган комедия шоуси мухлислари томонидан яратилди. Шоуда ҳам шунга ўхшаш жараён тасвирланган эди.
Гап шундаки, афсонавий шоунинг навбатдаги сонларидан бирида кўрсатув қаҳрамонлари мамлакат вазирликларида ишловчи мансабдорларнинг аҳмоқона юришларини ўз чиқишларида кўрсатган эди. Эндиликда, Норвегиянинг шимоли-шарқидаги митти шаҳарча аҳолиси қамоққа олиниш хавфидан чўчимаган ҳолда ўз кумирларига тақлид қилиши мумкин.
Аҳмоқона юраётган персонажлардан бири акс этган ушбу йўлакчани апрель ойида маҳаллий арт-группалардан бири — Kreativeteket яратган. Норвегиянинг NRK телеканали журналистлари томонидан тайёрлаган лавҳалардан кўриш мумкинки, маҳаллий аҳоли ушбу янгиликдан жуда мамнун.
Аммо айрим мансабдорларнинг сўзларига кўра, йўлакча ҳайдовчи ва пиёдаларнинг чалғишига сабаб бўлади. Шу сабабли ҳам уни яқин орада олиб ташлашлари мумкин. Айни вақтда «зебра»нинг кейинги «тақдир»и номаълум.
Изоҳ (0)