Россиянинг «Газпром» компанияси Қирғизистоннинг «Қирғизгаз» компаниясини 1 доллар эвазига сотиб олиш тўғрисида шартнома имзолади, дея хабар бермоқда «РИА Новости» ахборот агентлиги.
— Бу тарихий воқеа. Бугун «Қирғизгаз» ОАЖнинг 100 фоиз акцияларини «Газпром»га сотиш тўғрисидаги шартнома имзоланди. «Қирғизгаз» бизнинг катта оиламиз аъзосига айланди. Янги корхона энди «Газпром-Қирғизистон» деб аталади, — деди «Газпром» раҳбари Алексей Миллер.
Қирғизистон аҳолиси ва саноатини газ билан узлуксиз таъминлаш янги корхона олдидаги энг асосий вазифа ҳисобланади, дея хабар бермоқда «Gazeta.ru».
«Кун»нинг маълумотларига кўра, Қирғизистон парламенти 2013 йил июлида Москвада имзоланган келишувни ўтган йил декабрида маъқуллаган. Келишувга асосан, «Қирғизгаз»нинг барча мулки, жумладан, газ қувурлари, газ тақсимлаш станциялари ва ерости сақлаш иншоотлари рамзий баҳо – 1 доллар эвазига «Газпром»га берилади.
Шунингдек, «Қирғизгаз»нинг 40 миллион доллардан кам бўлмаган барча қарз мажбуриятлари ҳам Россия томони ихтиёрига ўтади.
Изоҳ (0)