Каталониянинг «Барселона» жамоаси Европа Чемпионлар лигаси чорак финалида Мадриднинг «Атлетико»сига имкониятни бой берди. Тошкент вақти билан 10 апрелга ўтар кечаси Мадридда бўлиб ўтган баҳсда «Барселона» футболчилари рақибга 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу ҳақда «Кун» хабар берди.
«Атлетико»га ғалаба келтирган ягона гол учрашув бошида – 5-дақиқада Коке томонидан киритилди. Барселонадаги «Камп Ноу» стадионида икки жамоа ўртасида ўтказилган ўзаро биринчи ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилган эди.
Шундай қилиб, икки ўйин натижасига кўра, «Атлетико» мусобақа ярим финалига йўл олди. Қайд этиш жоиз, жамоа 1974 йилдан бери биринчи марта Европа Чемпионлар Лигаси (Европа Чемпионлар Кубогини ҳам қўшиб ҳисоблаганда) ярим финалига йўл олди.
10 апрелга ўтар кечаси, шунингдек, Мюнхенда маҳаллий «Бавария» ва Англиянинг «Манчестер Юнайтед» жамоалари ўртасидаги ЕЧЛ тўртинчи чорак финал жуфтлиги жавоб ўйини бўлиб ўтди. Учрашув 3:1 ҳисобида «Бавария» футболчилари ғалабаси билан якунига етди.
«МЮ» футболчилари учрашувда биринчи бўлиб ҳисобни очишганига қарамай (Эвра, 57-дақиқа), Манжукич (59-дақиқа), Мюллер (68-дақиқа) ва Роббен (76-дақиқа) томонидан киритилган учта гол «Бавария»ни ярим финалга олиб чиқди. Манчестерда ўтказилган дастлабки ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилган эди.
Изоҳ (0)